Дерматология бўлими 1932 йилда профессор А.И. Картамишев томонидан ташкил этилган. Дастлабки йилларда унга профессор М.В. Борзов, кейинчалик профессор А.С. Зельманович, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида эса профессор М.А. Розентул, кейинчалик тиббиёт фанлари номзодлари А.И. Славин ва Н.Т. Турсуновлар раҳбарлик қилганлар. 1967 йилдан бошлаб кафедрага тиббиёт фанлари номзоди О.С. Солихов (1967-1976 й.), профессор Ф.И. Ибрагимов (1976-1989 й.), т.ф.д. У.К. Белуха (1989-1991й.), профессор ва С.С. Арифовлар (1991-2000й.) раҳбарлик қилишган.

 

2000 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлимга тиббиёт фанлари доктори, профессор Ш.З. Мавлянова раҳбарлик қилиб келмоқда. Турли йилларда бўлимда И.Н. Дмитриева, Р.П. Кац, Л.М. Котова, Н.Н. Тихонова, Л.В. Епишева, Р.У. Муродов, В.Т. Базаев, З.М. Обидова, С.С. Хасанов, Э.А. Қодиров, Н.Н. Иванова, Л.А. Плечистова, П.С. Соболев, Ж. Шодиев, И.Р. Рахимов, Л.Т. Хасанова, С.А. Тиллавбердиев, У.С. Солихўжаева, Г.А. Нуритдинова, Р.И. Исанбаева, А.Ш. Иноятов, Ж.Б. Муллахонов, Д.Р. Ғофуржонова, Е.М. Баклыкова, Н.Х. Эрназаров, М.М. Жабборов, Б.Т. Соатов, Г.С. Ғуломова фаолият олиб боришган.

Ҳозирги кунда бўлим мудири вазифасини Исмагилов А.И бажариб келмоқда. Бўлимда асосий докторантлар: Жаъфаров Х.М., Абдуқодирова Ю.Ш., шифокорлардан Есионова Е.В., Бурхонов А.У., Обидов С.З., Садиев Ш.Ф., Закиров Б.Х, Мирзакулова Ш.Н. врач ординатор Мутавалиев М.С. ишлаб келмоқдалар.
Бўлим ҳодимлари атопик дерматит, экзема, склеродермия, алопеция, псориаз, қизил ясси лишай, пўрсилдоқ яра, тери лимфомаси ва бошқа дерматозларнинг оғир шаклларидан билан оғриган беморларни ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқадилар ва амалиётга жорий қиладилар.
2022 йилдан бошлаб Дерматология бўлими базасида дерматозларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича илмий лаборатория ташкил этилди.

 

Дерматология бўлимида фундаментал ва амалий, инновацион грант тадкикотлар амалга оширилди.

Фундаментал грант:

  • Аллергик дерматозли беморларда оппортунистик инфекциялар шаклланишининг молекуляр-генетик ва биокимёвий механизмларини ўрганиш ва Ўзбекистондаги табиий ресурсларни қўллашга асосланган терапиянинг янги усулларини ишлаб чиқиш” (2017-2020 й.). Илмий раҳбар: тиббиёт фанлари доктори, профессор Мавлянова Ш.З.

 

Амалий грантлар:

  • Атопик дерматитни даволаш ва олдини олишнинг янгича ташхислаш ва оптимал терапиясининг усулларини ишлаб чиқиш. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.;
  • Организмнинг иммуно-биокимёвий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда атопик дерматитнинг хуружини олдини олиш, оғирлик даражасини аниқлаш ва даволаш усулларини ишлаб чикиш. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.;
  • Аллергодерматозларнинг ривожланишидаги иммуногенетик, метаболик ва микробиологик маркерлар ҳамда уларни ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш йўллари. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.;
  • Аллергодерматозларни сиртқи даволашда Ўзбекистондаги табиий хомашё асосидан тайёрланган янги дори воситаларини ишлаб чиқиш. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.

 

Инновацион грантлар:

  • Соғлиқни сақлаш амалиётига атопик дерматитнинг оғирлик даражасини ташхислаш усулларини жорий этиш. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.;
  • Соғлиқни сақлаш амалиётига атопик дерматитнинг комплекс даволаш усулларини жорий этиш. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.;
  • Соғлиқни сақлаш амалиётига ҳуснбузар касаллигининг оғирлик даражасини ташхислаш усулларини жорий этиш. Илмий раҳбар: т.ф.н., к.и.х. Иноятов А.Ш.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ (нодавлат нотижорат ташкилотлар) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида Ўзбекистон дерматовенерологлар ассоциациясининг грантлари:

  • Қишлоқ аёллари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва кенг кўламли жорий этиш (Навоий вилояти мисолида). Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.;
  • Оролбўйи минтақасида экологик омилларнинг аллергик тери касалликларига таъсири. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Орифов С.С.;
  • Бухоро вилоятидаги экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғини даражасида аллергик, замбуруғли тери касалликлари ва жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларнинг профилактикаси. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.
  • Кремнийли эритмалар асосида парафармацевтик маҳсулотдардан янги авлод дори воситаларини ишлаб чиқиш. Илмий раҳбар: т.ф.н. Мўминова С.Р.
    • Болаларда атопик дерматит ва тери замбуруғли тери касалликларини сиртқи даволашда янги технологияларни ишлаб чиқиш. Илмий раҳбар: т.ф.д., профессор Мавлянова Ш.З.

 

Ёш олимлар учун амалий грантлар:

  • Иммуносупрессив беморларда оппортунистик микозларни ўрганиш. Илмий раҳбар: Тиллавбердиев Ш.А.
  • Сурункали қайталовчи эшакемини ташхислаш, даволаш ва профилактикасининг янги усулларини ишлаб чиқиш. Илмий раҳбар: PhD, к.и.х. Муллахонов Ж.Б.

 

Ҳозирги кунда бўлимда қуйидаги грант ўтказилмоқда:

 

“Турли хил жароҳатларда тери қаватларида регенератив жараёнларни рағбатлантириш учун бириктирувчи тўқима ҳужайраси асосида тўқима муҳандислигини қўллаб конструкцион биоматериал олиш технологияларини ишлаб чиқиш”. Лойиҳа раҳбари Д.Р. Хакимов.

 

Бўлимда қуйидаги  илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда:

 

  • Таянч докторант Мирзақулова Ш.Н. “Атопик дерматитнинг оғирлик даражасини ташхислаш дастурини ишлаб чиқиш ва даволаш усулларини такомиллаштириш”;
  • Таянч докторант Қодирова М.A. “Aкантолитик пуфакчалар ривожланишининг молекуляр генетик-механизмлари ва ташхислаш усулларини такомиллаштириш”;
  • Таянч докторант Абдуқодирова Ю.Ш. “Ўчоқли алопециянинг клиник-генетик ва микологик тавсифи ҳамда уни патогенетик даволаш усуллари”;
  • Таянч докторант Койлибаева Г.Б. “Пуфакчаларнинг клиник-иммунологик жиҳатлари, цитокинларнинг роли ва даволашда замонавий ёндашувлар”;
  • Таянч докторант Жафаров Х.М. “Болаларда атопик дерматитнинг клиник-генетик тавсифи ва сиртқи терапиянинг оптимизацияси”;
  • Мустақил изланувчи Зокиров Б.Х. “Чин экземаларни клиник-генетик ва иммунологик тавсифи ҳамда уларни патогенетик даволаш усулларини ишлаб чиқиш”;
  • Мустақил изланувчи Есионова Е.В. “Атопик дерматитга чалинган беморларда микоген сенсибилизациянинг клиник-иммунологик тавсифи”.

 

Бўлимнинг илмий-тадқиқотга оид фаолияти организмнинг молекуляр-генетик, иммунологик, микробиологик, биокимёвий ва гистоморфологик кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда аллергик тери касалликлари (атопик дерматит, эшакеми), дисхромия (витилиго), тизимли касалликлар (пуфакча, склеродермия), терининг лимфопролифератив касалликлари (тери лимфомаси), псориаз, ҳуснбузар ва бошқаларни ташхислаш, даволашни такомиллаштириш ҳамда янги усулларини ишлаб чиқишга қаратилган. Молекуляр-генетик тадқиқотлар асосида аллергик тери касалликларининг оғир шаклларини ривожланишини прогнозлаш усуллари ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистонда GSTP 1 генининг IIe 105 Val полиморфизмининг G аллели ва гетеро/гомозиготали генотипларининг тери аллергик касалликлари ривожланишидаги ўрни аниқланди. Aллергик тери касалликларининг сурункалилиги ва такрорланишида микроорганизмларнинг, хусусан, шартли патоген микроорганизмлар Staphylococcus spp.нинг контаминациясига катта аҳамият берилади.

Aтопик дерматитни даволашнинг янги усули ишлаб чиқилган бўлиб, маҳаллий препарат – иммунокоррекцияловчи ва детоксикация хусусиятларига эга феррокамедни тайинлаш билан тавсифланади.

Бўлимда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида витилигони даволашда унинг ривожланиши назарияси ва индивидуал патогенетик ёндашуви ишлаб чиқилди. Тери ва шиллиқ қаватларнинг микотик зарарланишининг инвазив ва аллергик шаклларини клиник-иммунологик хусусиятлари ўрганилди. Сурункали тери касалликларининг (нейродерматозлар, экзема, псориаз, ҳуснбузар, атопик дерматит) клиник кечишида микоген сенсибилизациянинг роли аниқланди ҳамда тери касалликларига чалинган беморларда микоген сенсибилизациянинг инвазив ва аллергик шаклларини ташхислаш ва даволаш усулларининг алгоритми ишлаб чиқилди. Организмнинг биокимёвий, микробиологик ва иммунологик кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда ҳуснбузар касаллигини даволашнинг оптимал усуллари ишлаб чиқилди. Организмнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда псориазни даволаш усули ишлаб чиқилди. Организмнинг клиник-морфологик, иммунологик ва биокимёвий жиҳатлари, айниқса пуфакчалари бор беморларда микроэлементларнинг хусусиятлари ўрганилди ҳамда патогенетик даволаш усуллари ишлаб чиқилди. Атопик дерматитнинг шаклланиши ва клиник кечишида бактериал сенсибилизациянинг роли аниқланиб, оптимал даволаш усуллари ишлаб чиқилди. Атопик дерматитга чалинган беморларда касалликнинг клиник кечиши ва теридаги микробиологик ҳолатни ҳисобга олиб, цитокинли статус ва IgG субсинфларини ўрганиш асосида касалликнинг оғирлик даражасини ташхислашнинг ҳамда маҳаллий “Гемалин” препаратини қўллаб патогенетик терапиянинг янги усуллари ишлаб чиқилди. Атопик дерматит патогенезининг иммуногенетик жиҳатлари ўрганилди ва касалликнинг клиник кечишини олдиндан баҳолаш алгоритмлари ишлаб чиқилди. Иммунитети заиф беморларда (лейкозлар, пуфакчалар, тери лимфомаси) оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг микозли зарарланишларини инвазив шаклларини даволаш усуллари ишлаб чиқилди. Тери ҳосилаларидаги яхши сифатли ўсмалар патогенезининг иммуно-биокимёвий жиҳатлари ўрганилиб, комплекс даволаш усуллари ишлаб чиқилди.

ССВ-Ф-003 “Аллергодерматозларга чалинган беморларда оппортунистик инфекциялар шаклланишининг молекуляр-генетик ва биокимёвий механизмларини тадқиқ қилиш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш асосида янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш” номли муассасалараро фундаментал гранти ва ПЗ-20170922154 “Аллергодерматозларда сиртқи даволаш учун Ўзбекистондаги табиий хом ашё асосида тайёрланган янги дори воситаларини ишлаб чиқиш” номли амалий гранти доирасида ЎзР ССВ Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий марказида Тошкент вилоятининг турли конларидан олинган табиий келиб чиқишга эга кремнийли эритмаларнинг энергетик, яллиғланишга қарши ва антимикроб хусусиятларини тадқиқ қилиш орқали дори воситаларининг терапевтик самарадорлигини оширишнинг янги имкониятларини яратиш бўйича геокимёвий, экспериментал ва клиник тадқиқотлар ўтказилди.

Клиник-микробиологик ва микологик тадқиқотлар асосида сенсибилизацияни ҳисобга олган ҳолда аллергик тери касалликларининг клиник таснифлаш тизими ишлаб чиқилди (Мавлянова Ш.З., Собиров У.Ю., 2020 й).

Дерматологик амалиётда биринчи марта қон зардобида гамма-глобулин миқдорини баҳолаш асосида аллергик тери касалликларини альтернатив ташхислаш усуллари ишлаб чиқилди. Шунингдек, табиий кремнийли сув, “Фатидерм” қаторидаги намлантирувчи кремлар, балчиқ ва минерал ниқобларни қўллаб тери касалликларини инновацион даволаш усуллари жорий этилди. Бундан ташқари, табиий Ўзбекистон ресурсларидан фойдаланган ҳолда кремнийли сувлар билан балчиқли ва минерал ниқоблардан фойдаланилиб пелоидотерапия каби инновацион даволаш усуллари ишлаб чиқилди.
Витилигога чалинган беморларнинг қони ва терисидаги биокимёвий кўрсаткичлари ўрганилиб, тадқиқотдан олинган натижалар асосида ЎзР ФА Биокимё Институти билан ҳамкорликда витилигони патогенетик даволаш учун мўлжалланган “Липовитиллин” дори воситаси ишлаб чиқилди.

Бўлим ходимлари томонидан эшакемига чалинган беморларнинг қон зардобида оқсил фракцияси, хусусан, гамма-глобулин концентрациясининг аҳамияти аниқланиб, ушбу касалликда организмнинг аллергологик статусини аниқлаш бўйича янги биокимёвий лаборатор ташхислаш усули ишлаб чиқилди. Ушбу усул эшакемининг оғир шаклларини эрта ташхислаш ва этиопатогенетик даволаш тактикасини белгилашга ёрдам беради.

GSTP1 иккинчи даврининг ксенобиотиклар ферментлари генининг IIe 105 Val полиморфизмининг молекуляр-генетик таҳлилини ҳисобга олган ҳолда аллергодерматозларнинг оғир шаклларини ривожланиш хавфини олдиндан баҳолаш усули ишлаб чиқилди.

Амалий дерматологияда аллергодерматозга чалинган беморларни даволашда ўз ичига маҳаллий Сукцинасол препаратини олган патогенетик дезинтоксикацион терапия усули ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Бу усул организмда 65,6% ҳолларда эндоген интоксикация даражасини пасайтиради ва терапевтик самарадорликни оширади.

Амалий дерматологияда организмнинг клиник-микробиологик ва иммунологик кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда физиотерапевтик муолажа – ҚВЛН-терапия (Қонни вена ичида лазерли нурлантириш) билан комбинацияда III авлод антигистамин препарати дезлоратадин ва антилейкотриен препарат – монтелукасни қўллашдан иборат бўлган эшакемини комплекс даволаш усули ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бу эса терапевтик самарадорликни 77,5% ҳолларда ошишига олиб келди.

Бўлимнинг илмий фаолияти натижаларига кўра 6 та докторлик диссертацияси (Т.T. Тожибаев, С.С. Орифов, Ш.З. Мавлянова, Б.T. Соатов, Г.Ш. Ғуломова, Ж.B. Муллахонов), 42 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган, 17 та монография, 86 та услубий тавсиялар, 21 та ихтиро ва яна 920 дан ортиқ мақола ва тезислар чоп етилган.

Дерматология бўлими илмий ходимлари Ўзбекистонда ва чет элларда ўтказиладиган илмий-амалий конференцияларда, дерматовенерологлар ва бошқа мутахассисларнинг конгрессларида ўзларининг маърузалари ва нашрлари билан фаол иштирок етиб келмоқдалар.
Ушбу ходимлар тери ва тери ости клетчаткаси касалликларини ташхислаш ва даволашнинг долзарб масалалари бўйича ихтисослаштирилган семинарлар ўтказиш учун хизмат сафарларига чиқадилар ҳамда доимий равишда ташкилий-услубий ёрдамни кўрсатадилар. Дерматология бўлимида “Дерматовенерология” мутахассислиги бўйича докторантлар, таянч докторантлар ва клиник ординаторлар ўқитилади, шунингдек дерматовенеролог шифокорларнинг малакаси оширилади.

Мавлянова Шахноза Зокировна 1986 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтини тамомлаган. 1986-1988 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дерматология ва Венерология илмий-тадқиқот институтида «дерматовенерология» мутахассислиги бўйича интернатурани ўтаган. 1988 йилдан 1990 йилгача ЎзР ССВ ДваВИТИ консультатив поликлиникасида шифокор бўлиб ишлаган, 1990 йилдан микология бўлимига кичик илмий ходим лавозимига ўтказилган. У 1994 йилда «Ранг-баранг темираткиси бўлган беморларда эндокрин бузилишларнинг клиник-иммунологик тавсифлари ва айрим жиҳатлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. 1997 йилда 14.00.11 – тери ва таносил касалликлари мутахассислиги бўйича катта илмий ходим илмий унвонини олди. 2000 йилдан ҳозирги кунгача ЎзР ССВ РИДВваКИАТМнинг дерматология бўлими раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда. 2004 йилда «Тери ва шиллиқ қаватларнинг микотик шикастланишининг клиник-иммунологик тавсифи» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. 2005 йилдан ҳозирги вақтгача ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 14.00.11 – шифрли дерматология ва венерология ихтисослиги бўйича Тиббий-терапевтик экспертлар кенгашиниг илмий котибаси ва ЎзР ОАКнинг эксперти лавозимида ишлаб келмоқда.

Ш.З. Мавлянова ЎзР ССВ РИДВваКИАТМ Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Тошкент ш. ва Тошкент вилояти Дерматовенерологлар жамияти раисининг ўринбосари, РИДВваКИАТМ муаммолар комиссияси раисининг ўринбосари, ЎзР ССВ РИДВваКИАТМ Илмий Кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Дерматовенерологлар Ассоциацияси, Европа Дерматовенерологлар Академияси ва Дерматологлар халқаро жамияти (ISD) (АҚШ) аъзоси, «Дерматовенерология ва эстетик тиббиёт» илмий-амалий журнали таҳририят ҳайъати аъзоси, «Дерматовенерология ва косметология» илмий-амалий журнали (Беларусия Республикаси) таҳририят ҳайъати аъзоси ҳамда “Дерматология” мутахассислиги бўйича малака ошириш курси тренери ҳисобланади.

Унинг раҳбарлиги даврида бўлимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ёш олимларнинг 2 та инновацион, 1 та фундаментал, 2 та амалий гранти, шунингдек, Ўзбекистон Дерматовенерологлар Ассоциациясининг 3 та гранти амалга оширилган. Илмий фаолияти давомида профессор Ш.З. Мавлянова 300 дан ортиқ илмий иш, жумладан ихтиро учн 14 та патент ва 4 та фойдали модел, 22 та услубий тавсиялар ва 10 та монографияга муаллифлик қилган.
Ўзининг хусусий тадқиқотлари, клиник кузатишлари ва илмий адабиётлардаги маълумотлар асосида Ш.З. Мавлянова тери ва тери ости клетчаткаси касалликларини даволаш стандартлари ва клиник баённомаларига бир қатор таклифлар киритди.

Ш.З. Мавлянова ихтисослаштирилган, жумладан юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш масалалари бўйича, муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқишда, информацион, аналитик ва ташкилий материалларни тайёрлашда иштирок этган.

Ш.З. Мавлянова атопик дерматитни даволашнинг янгича усуллари, ҳуснбузар, атопик дерматит ва эшакемини оғирлик даражасини ташхислаш усулларини ишлаб чиққан.

 

Мавлянова Ш.З кўрсатган усуллар бўйича қуйидаги ихтироларга патентлар олинди:

 

✔️Ранг-баранг темираткиларни даволаш усуллари; Расмий ахборотнома (11) 3341;

✔️Микотик инфекциялар ва микоген сенсибилизациянинг ташхислаш усули;

✔️Микоген сенсибилизацияни даволаш йўли;

✔️Атопик дерматитни даволаш йўли;

✔️Атопик дерматитни оғирлик даражасини ташхислаш усули;

✔️Ичак дисбиози бўлган беморларда ҳуснбузарни оғирлик даражасини прогнозлаш усули;

✔️ Тери аллергик касалликларини ташхислаш йўли;

✔️ Витилигони даволаш йўли;

✔️ Тери аллергик касалликларининг клиник кечишини прогнозлаш йўли;

✔️ Тери аллергик касалликларининг оғирлик даражасини прогнозлаш йўли.

 

Унинг раҳбарлиги остида 7 та номзодлик (PhD) ва 3 та докторлик (DSc) диссертацияси ёқланган, у ҳозирги вақтда 6 та диссертация ишига илмий маслаҳатчилик ва раҳбарлик қилмоқда.

Мукофотлар ва эътирофлар:

🏅Мавлянова Ш.З. 2012 йил – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан «Виждонли меҳнати учун» Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган;

🏅2017 йилда – «Соғлиқни сақлаш аълочиси» нишонини олган.

🏅2020 йилда – т.ф.д. Ш.З.Мавлянова Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация комиссияси қарори билан профессор илмий унвонига лойиқ деб топилди.

2019-2020 йилларда профессор Ш.З. Мавлянова табиий фаоллаштирилган кремнийли элементлар асосида “Фатидерм” қаторидаги (намлантирувчи “Фатидерм”, “Дисдерм”, “Фатисалик” кремлари, “Фатидерм” тоники, “Фатидерм-М”,“Фатигрин” балчиқли ва минерал ниқоблари) ўзбек дерматологик дори воситаларини ишлаб чиқди ва тери касалликлари бўлган беморларда сиртқи даволаш сифатида инновацион усул билан клиник дерматологик амалиётга жорий қилди. Фармакология тиббиёт институти олимлари билан биргаликда иммуносорбцияловчи, антиоксидант ва аллергияга қарши хусусиятларга эга бўлган “Фатифильтрум” номли биологик фаол қўшимча ишлаб чиқилди. 2021 йилда клиник-микробиологик ва экспериментал тадқиқотлар асосида нанотехнология усулида кремнийли элементлар билан сингдирилган «Dermadess» дерматологик ички кийимини   ишлаб чиқди.

Халқаро фаолият

Профессор Ш.З. Мавлянова чет элларда (Италия, Россия, Латвия, Қозоғистон, Испания, АҚШ, Греция, БАА, Австрия, Чехия, Швейцария, Жанубий Корея ва б.) ва Ўзбекистонда ўтказилган турли хил форумлар, халқаро конгресслар ва конференцияларда иштирок этган ҳамда маърузалар қилган.

Ш.З. Мавлянова Республика миқёсида вилоятларда дерматовенерология соҳаси бўйича амалий ва услубий ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда фаол иштирок этади.