ТОШКЕНТ ШАҲРИ ВА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ДЕРМАТОВЕНЕРОЛОГЛАРИ ВА ТИББИЙ КОСМЕТОЛОГЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ЖАМИЯТИ ТАРИХИ ВА ФАОЛИЯТИ
Ўзбекистон дерматовенерологлари ва косметологларининг илмий-амалий жамияти (ҳозирда Ассоциация) МДҲ мамлакатларидаги биринчи нодавлат ташкилотлардан бири ҳисобланади. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тери ва таносил касалликлари бўйича илмий-амалий жамият 1934-йилда тез ривожланаётган тиббиёт, хусусан ўша давр дерматовенерологияси шароитида мутахассисларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилган. Унинг ташкил этилишида проф. А.А. Аковбян, проф. М.В. Борзов, проф. А.И. Картамышев ва бошқалар фаол қатнашганлар.

2009-йилда «дерматовенерологлар жамияти» номи «дерматовенерологлар ва косметологлар жамияти» деб ўзгартирилди. Жамиятнинг асосий мақсади — дерматовенерология ва тиббий косметология соҳасида шифокорларнинг профессионал фаолиятини оширишга кўмаклашишдир.
Ҳозирги вақтда жамият Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот, педагогик ва амалий фаолият билан шуғулланаётган дерматовенеролог ва тиббий косметолог шифокорларни бирлаштиради.
Жамият йиғилишларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг профессорлари, етакчи ва ёш дерматовенерологлар ва дерматокосметологлар, клиник ординаторлар, тиббиёт институтлари талабалари, шунингдек, турдош ва хорижий мутахассислар иштирок этадилар. Жамият раиси — т.ф.д., проф. Арифов С.С. (Дерматовенерология ва косметология кафедраси мудири), раис ўринбосарлари — т.ф.д. Мавлянова Ш.З. (РИДВ ва КИАТМ дерматологик касалликларни ўрганиш илмий гуруҳи раҳбари), Мулладжанова Г.А. (Шаҳар КВД бош шифокори ўринбосари), Махмудов Ш.Х. (Тошкент вилояти РИДВ ва КИАТМ филиали бош шифокори), техник котиб — Есионова Е.В. (РИДВ ва КИАТМ кичик илмий ходими). Жамият йиғилишлари ҳар ойда бир марта РИДВ ва КИАТМ залида (Ўзбекистон Республикаси, 100109, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси 3А) ўтказилади.

Кун тартибига мувофиқ жамият йиғилишида дерматовенерология ва тиббий косметологиянинг долзарб муаммолари бўйича 1 ёки 2 та маъруза тингланади, кам учрайдиган, атипик ва оғир кечувчи дерматозлар билан оғриган беморлар кўрсатилади. Маърузалар оригинал тадқиқотлар натижалариги ёки илмий ишларнинг амалий натижаларига бағишланади ва йиғилиш иштирокчилари томонидан батафсил муҳокама қилинади. Беморларнинг намойиши амалий шифокорларда алоҳида қизиқиш уйғотади. Беморнинг ўзи ёки унинг электрон варианти (фотосурат ва касаллик тарихидан кўчирма) ҳамда барча лаборатор-инструментал текширувлар тақдим этилади ва ҳар бир клиник ҳолат батафсил муҳокама қилинади.
Сўнгги вақтларда жамият йиғилишларида республика ва хорижий мамлакатларнинг етакчи мутахассислари томонидан тайёрланган маърузалар тингланди. «Гоффманнинг абсцесс ҳосил қилувчи фолликулити», «Бехчет касаллиги», «Склеродермия», «Буллез эпидермолиз», «Готтроннинг карциноид папилломатози», «Нейрофиброматоз», «Дерматомиозит», «Ангиокератома», «Капоши саркомаси», «Папийон-Лефевр синдроми», «Сурункали яра пиодермияси», «Актиник порокератоз», «Бляшечный парапсориаз», «Асимметрик перифлексурал тўшма», «Тери лейшманиозининг антропоноз шакли», «Саркоидоз (Бенье-Бек-Шауман касаллиги)», «Гранулематоз розацеа», «Гужеро-Карто оқимли ретикулёр папилломатози», «Меледа ороли кератодермияси» ва бошқа кам учрайдиган ташхисли беморлар намойиш қилинди.
2024-йилдан бошлаб жамиятнинг онлайн йиғилишлари дерматовенерология ва косметология бўйича ихтисослашган илмий-амалий марказнинг барча ҳудудий филиалларига ва қизиққан турдош мутахассисларга ҳам очиқ бўлди.
Жамият йиғилишларида иштирокчилар дерматовенерология ва тиббий косметологияга оид меъёрий ҳужжатлар билан мунтазам танишиб борадилар.
Жамият йиғилишларида клиник дерматовенерология ва косметологияга янги жорий этилган дори воситалари ва асбоб-ускуналарнинг тўғри фармакотерапиядаги ўрни ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти дерматовенеролог ва тиббий косметолог шифокорларининг илмий-амалий жамияти шифокорлар қимматли билимларни оладиган ва клиник тажриба алмашадиган мактаб ҳисобланади.


