Қон томир доғлари — бу тери остидаги кенгайган капилляр тормақ бўлиб, тери орқали кичик қизил ёки бинафша доғлар, ўргимчак тўрига ўхшаган шаклда кўринади. Замонавий дерматология диагностика ва даволаш учун ўнга яқин турдаги қон томир доғларини ажратади. Уларга розацеа, гемангиома, веноз касалликлар, шароб доғлари, телеангиоэктазия, поикилодермия киради.
Тери устида учрайдиган баъзи қон томир доғлари:
-
Капилляр малформация. Ҳомиланинг илк ривожланиш босқичларида генетик мутациялар натижасида юзага келади. Улар оч пушти, ал қизил, тўқ бордо ва бинафша рангдаги доғлар кўринишида бўлиб, тери билан бир текисда ёки ундан биroz бўртиб туради.
-
Веноз малформация. Бу томирларнинг туғма нуқсони бўлиб, вена деворидаги силлиқ мушак қатламининг нотўғри ривожланиши билан боғлиқ. Одатда, бу ҳолат терида тўқ бинафша ва кўк доғлар кўринишида намоён бўлади.
-
Унна невуси. Бу қон томир доғлари янги туғилган чақалоқларда бачадонда бўлган узоқ муддатли босим туфайли ҳосил бўлади. Одатда пешона, энса, қошлари орасида, бурин, қовоқ, юқори лаб соҳаларида бўлади.
-
Гемангиома. Бу қон томирлари ва капиллярлардан ҳосил бўлган, тери остида ёки устида пайдо бўладиган хавфсиз (яхши сифатли) ўсмадир. У туғма ёки ортирилган бўлиши мумкин.
-
Оловли невус (ёки “шароб доғи”). Бу қон томир касаллиги бўлиб, қон томир тугунлари шаклида бўлади ва нотекис, бинафша ёки қизғиш рангдаги доғ ҳосил қилади. Одатда, юзда туғилишдан пайдо бўлади, аммо кейинроқ ҳам бошқа тана қисмларида чиқиши мумкин.
Қон томир доғларининг пайдо бўлиш сабаблари турлича бўлиши мумкин: генетик мутациялар, ирсият, гормонал дисбаланс, ҳомиладорлик, ошқозон-ичак тизими, меъда ости бези, жигар касалликлари, ультрабинафша нурланиш, иммун тизим бузилиши, инфекциялардан сўнг.
Қон томир доғларини лазер билан даволаш (коагуляция) — бу фақат зарарланган жойларга иссиқлик таъсири орқали амалга оширилади, соғлом тўқималарга зарар етмайди. Усулнинг моҳияти шундан иборатки, лазер нури патологик кенгайган томирлардаги оксигемоглобинга танлаб таъсир қилади. Гемоглобин лазер энергиясини ютади, оқсилнинг коагуляцияси ва томир ичидаги ҳарорат ошишига олиб келади. Натижада, томир «ёпилади» ва тери сатҳида кўринмай қолади.
Ушбу процедуранинг афзалликлари:
-
Хавфсизлик: Терига зарар етказмайди, лазер фақат гемоглобинга таъсир қилади, яъни куйиш ва чандиқлар бўлмайди;
-
Юқори самарадорлик: Кичик томирлар процедурадан кейин 1–3 кун ичида йўқолади;
-
Мавсумга боғлиқ эмас: Лазерли коагуляция йилнинг исталган вақтида амалга оширилиши мумкин;
-
Минимал тикланиш даври.
Сеанслар сони ва давомийлиги — бу тери зарарланиш даражасига боғлиқ. Кичик нуқсонларни йўқотиш учун 1–2 сеанс етарли бўлиши мумкин. Купероз, розацеа, кенг шароб доғлари каби мураккаб ҳолатлар 3–6 сеансни талаб қилади, улар 3–4 ҳафталик оралиқ билан ўтказилади.
Лазер ёрдамида қон томирларни олиб ташлаш учун қарши кўрсатмалар:
-
Ўткир босқичдаги вирусли ёки сурункали касалликлар;
-
Қон ивишидаги муаммолар;
-
Тери жароҳатлари — очиқ яралар, куйишлар, яллиғланишлар;
-
Онкологик касалликлар;
-
Герпес;
-
Юрак-қон томир касалликлари;
-
Қандли диабет;
-
Ҳомиладорлик ва эмизиш даври;
-
Ҳайз кўриш даври;
-
Тромбофлебит;
-
Эпилепсия ва руҳий касалликлар;
-
Яқинда қуёшда тобланган тери;
-
Келоид чандиқларга мойиллик.

