Бужирлаш — бу сийдик чиқариш каналининг торайиши ҳолатида унинг ўтказувчанлигини кенгайтиришга мўлжалланган урологик муолажа. Манипуляция даволаш ёки диагностика мақсадида махсус мосламалар — бужлар ёрдамида амалга оширилади.
Диагностик бужирлашнинг мақсади — уретра каналидаги стриктура (торайиш)нинг жойлашуви, даражаси ва хусусиятларини аниқлашдир.
Даволаш бужирлашининг мақсади эса — канал ўтказувчанлигини тиклаш, сийдикнинг эркин чиқишини таъминлаш учун уретрани кенгайтиришдир.
Муолажа маҳаллий оғриқсизлантириш остида, амбулатор шароитда, асептика қоидаларига риоя қилган ҳолда бажарилади. Бу орқали сийдик пуфагига патоген микрофлора тушишининг олди олинади. Асбоб киритилгандан сўнг, ундаги баллонча ҳаво ёки суюқлик билан аста-секин тўлдирилиб, канал кенгайтирилади ва 5–10 дақиқа шу ҳолатда қолдирилади. Сўнг буж чиқариб олинади ва уретра асептик эритма билан ювилади.
Бужирлашга айрим қарши кўрсатмалар:
-
сийдик чиқариш йўлларининг инфекцион касалликлари (цистит, пиелонефрит, уретрит)нинг кескинлашган даври;
-
ташқи ва ички жинсий аъзоларда яллиғланиш жараёнлари;
-
сурункали буйрак етишмовчилиги;
-
эркакларда суннат териси соҳасида уретра ўтказувчанлигининг бузилиши (фимоз);
-
жинсий олат ёки кичик чanoq аъзоларининг травматик шикастланишлари.

